Ғафур Ғулом кўкрак нишони илк марта эгаларига топширилди

Ғафур Ғулом кўкрак нишони илк марта эгаларига топширилди

Тошкент давлат юридик университети томонидан Ғафур Ғулом уй-музейи оталиққа олинган ва адиб ижодини кенг тарғиб қилиш мақсадида Ғафур Ғулом номидаги кўкрак нишони таъсис этилганди. 11 сентябрь куни илк марта нишонни топшириш маросими бўлиб ўтди. Кўкрак нишони билан биринчилардан бўлиб Ғафур Ғулом номидаги уй-музейи директори Олмос Аҳмедова ҳамда муассасанинг илмий ходими Лутфулла Илҳомжонов тақдирланди.

Адиблар хиёбонида ўтказилган тадбирда ТДЮУ раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилари, адабиётшунос олимлар, талабалар иштирок этди. Меҳмонлар Ғафур Ғулом ҳайкали пойида тўпланиб, улуғ адиб хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

—    Бундай ташаббус Ғафур Ғуломни жаҳон узра танитишга ёрдам беради, — қайд этди уй-музей директори Олмос Аҳмедова. — Юртимизда отамнинг ижодига юксак эътибор қаратилаётганидан бағоятда хурсандман. Бугун кўксимга тақилган Ғафур Ғулом номидаги кўкрак нишони қалбимни фахрга тўлдирди. Эзгу саъй-ҳаракатлари учун Тошкент давлат юридик университети жамоасига самимий миннатдорлик билдираман.

Эслатиб ўтамиз, Ғафур Ғулом номидаги кўкрак нишони билан ўқиш ва ижодда фаол талабалар ҳамда ТДЮУ профессор-ўқитувчилари тақдирланади. Истисно тариқасида мукофот ҳамкор ташкилотлар вакилларига ҳам берилиши мумкин. Кўкрак нишони соҳиблари учун базавий ҳисоблашнинг уч баравари миқдорида пул мукофоти берилиши кўзда тутилган.

Тошкент давлат юридик университети
Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими